7 январ куни соат 18:18 да Хонқа тумани, Ёш куч маҳалласи ҳудудидан ўтган темир йўлда енгил автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган.
Шу туманнинг Қирқёп қишлоғи, «Обод» маҳалласида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро Н.Х. «Cobalt» русумли автомобилида қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида тўхташ белгисига амал қилмасдан ҳаракатланган ва «Хива-Урганч-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезди билан тўқнашган. Оқибатда автомобиль ағдарилиб кетган, ҳайдовчи эса тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, тўқнашув оқибатида шикаст етган тепловозга қарийб 1 соат давомида техник хизмат кўрсатилган. Шундан сўнг поезд йўлини давом эттирган.
Ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ва тергов ишлари олиб борилмоқда.



