Хитойнинг BYD компанияси биринчи марта АҚШнинг Tesla брендини ортда қолдириб, электромобиллар сотуви бўйича дунё етакчисига айланди.

BYD 1 январ куни эълон қилган сарҳисобга кўра, компания 2025 йилда электрда ҳаракатланадиган автомобиллар сотувини қарийб 28 фоизга ошириб, 2 млн 250 мингтадан оширишга эришган.

2 январ куни эса Tesla ҳам 2025 йилги натижалари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Илон Маскнинг компанияси ўтган йили дунё бўйлаб 1,64 миллионта электромобил сотган, бу – бир йил олдингидан қарийб 9 фоизга кам.

Шу тариқа, Tesla'да сотувлар ҳажмининг пасайиши кетма-кет иккинчи йилда ҳам давом этган.

Янги маҳсулотлар мижозлар томонидан бирдек илиқ қарши олинмагани, Илон Маск сиёсий фаолиятида муваффақиятсизликка учрагани ва Хитойдаги рақиби билан қизғин рақобат каби шароитлар туфайли 2025 йил Tesla учун оғир йил бўлди.