Лойиҳада қайд этилишича, республикада 16 турдаги давлат монополиясини бекор қилиш ва ушбу соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш режалаштирилмоқда. Мақсад — бозорда рақобат муҳитини кучайтириш, хизмат ва маҳсулотлар сифати ҳамда самарадорликни оширишдир.
Шу билан бирга, стратегия лойиҳасида иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, тадбиркорлик субъектларига хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида онлайн портал орқали кўрсатиш ва хизмат кўрсатиш вақтини ўртача 3 бараварга қисқартириш ҳам назарда тутилган.
Қайд этилишича, рақобат муҳитини кучайтириш доирасида бозорларда рақобатни баҳолаш амалга оширилган секторлар сонини 20 тага етказиш, давлат харидларида очиқ тендер савдолари улушини 70 фоизга чиқариш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Лойиҳада белгиланган чоралар давлат монополияларини қисқартириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали иқтисодиётда рақобат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган.



