Киев “ҳаводан учириладиган Storm Shadow қанотли ракеталари билан Новошахтинск НҚЗга муваффақиятли зарба берилгани” ҳақида билдирди. “Кўплаб портлашлар қайд этилди, нишон урилди”, — деб қўшимча қилди Бош штаб. У ерда таъкидланишича, мазкур НҚЗ Россия армияси учун дизел ёнилғиси ва авиация керосинини етказиб беради.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар Новошахтинскка берилган зарбаларни тасдиқлаб, у ерда “портлашлар содир бўлгани”ни айтди. Мансабдор маълумотига кўра, ёнғинни ўчириш пайтида бир нафар ўт ўчирувчи жабрланган.

Зарар кўлами ҳозирча аниқ белгиланмаган. Украинанинг Exilenova+ Telegram-канали НҚЗ устида қора тутун устунлари кўтарилаётгани акс этган кадрларни эълон қилди.

Кенг кўламли ҳужум бошланганидан бери Украина камида олти марта Новошахтинск НҚЗга ҳужум қилган. Биринчи ҳужум 2024 йил март ойида бўлган. Ҳозирги ҳужум эса ушбу заводга қарши Storm Shadow қўлланган илк ҳужум ҳисобланади.

Новошахтинск НҚЗ Украина назоратидаги ҳудуддан тахминан 175 км узоқликда жойлашган. Storm Shadow ракеталарининг учиш масофаси 250 кмдан ортиқ.