«Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик.

Бобомиз аниқлаган юлдузлардан хабар олиб келади, Ўзбекистон космонавти.

Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради деб ишонаман»,  деди президент.

Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб, IT хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинганини қўшимча қилди. Шу мақсадда келгуси йил Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ ташкил этиш, 2 та суперкомпьютерни ишга тушириш ҳамда 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилгани айтилди.

Қайд этилишича, мазкур инфратузилма тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги каби муҳим йўналишларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, президент мамлакатда минглаб иқтидорли ёшлар IT ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бораётганини таъкидлаб, уларнинг квант технологиялари, дронлар ва робототехника йўналишларидаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун «Рақамли технологиялар маркази» ташкил этилишини маълум қилди.

Давлат раҳбари бу каби ташаббуслар орқали Ўзбекистоннинг илмий-технологик салоҳияти янада мустаҳкамланиши, юқори технологияли иқтисодиётга ўтиш суръати тезлашиши ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ошишига ишонч билдирди.