Президентнинг қайд этишича, яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади. Шу боис мамлакат меҳнат бозори касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарурлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, яқинда техникумларга замонавий қиёфа ва янгича муҳит олиб кириш бўйича беш йиллик дастур тасдиқланган. Унга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади. Шунингдек, Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони 100 тага етказилиши режалаштирилган.

Президент таъкидлаганидек, 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади. 

Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида хизмат қилиши, “Касблар шаҳарчаси” эса мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт ҳамда “яшил” энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилиши қайд этилди.