Ўзбекистон президентининг 2025 йил 14 ноябрдаги ПФ-214-сон фармонида 2026 йил 1 январдан бошлаб амал қиладиган бир қатор янгиликлар белгиланган. Ҳужжатга кўра, якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг бирламчи маълумотлари — исм, фамилия, отасининг исми, фирма номи, манзили, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бошқа маълумотлар ўзгарган тақдирда, ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар ЯТТ гувоҳномасига, лицензияларга, рухсатномаларга, хабарномаларга идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда ва бепул киритилиши қайд этилган.
Фармонда автоматик янгиланиш механизмига доир тартиб ҳам кўрсатилган. Хусусан, ЯТТнинг Ф.И.Ш. бўйича маълумотлар ИИВнинг ID-карта ахборот тизимидан, бошқа маълумотлар эса тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан белгиланган тартибда реал вақт режимида тегишли ахборот тизимларига тақдим этилиши белгиланган.


