Фармонда ташқи баҳолаш жараёни INTOSAI ҳамда халқаро даражада тан олинган бошқа ташкилотлар методологиялари асосида амалга оширилиши белгиланган. Бунда баҳолаш ишлари келишув доирасида халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг олий аудит органлари томонидан ўтказилиши мумкин.

Шунингдек, ташқи баҳолашни ташкил этишда мустақиллик ва очиқлик тамойилларига алоҳида урғу берилган. Жумладан, баҳолаш жараёнини ташкил қилиш, фаолиятга оид зарур маълумотларни тақдим этиш ҳамда натижаларни жамоатчилик учун эълон қилиш назарда тутилган.

Фармон билан Ҳисоб палатасига қатор янги аудит ваколатлари ҳам берилди. Хусусан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари мурожаатлари ҳамда техник топшириқлари асосида, уларнинг маблағлари ҳисобидан мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг молиявий аудитини ўтказишга рухсат этилди.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотларнинг танловларида иштирок этиш ёки ўзаро келишувлар орқали уларнинг фаолияти, лойиҳалари ва дастурлари бўйича аудитларни амалга ошириш имконияти белгиланди.