“Бразилиянинг янги тайинланган элчиси Сержио Родригес дос Сантос жанобларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида. – Икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланаётган динамикасини муҳокама қилдик ҳамда географик узоқликка қарамай, мамлакатларимиз биргаликда самарали фойдаланиши мумкин бўлган кўплаб имкониятларни кўриб чиқдик”, – дея таъкидлади Бахтиёр Саидов.
Учрашув чоғида савдо-иқтисодий соҳада ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, логистика, таълим ва туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Бразилиянинг янги элчиси Сержио Родригес дос Сантос 57 ёшда бўлиб, 1995 йилдан буён Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хорижий муассасаларда масъул лавозимларда фаолият юритиб келади.
У 2022–2025 йилларда Бразилиянинг Тошкентдаги элчиси сифатида аккредитация қилинган Родриго де Лима Баэна Соарес ўрнига тайинланди. Янги элчи фаолияти икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ва амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.



