Ҳужжатга мувофиқ, иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, очиқ ва ёпиқ тизимлар орқали узатишда ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни тежаш ва оқилона тақсимлаш бўйича ягона услубий ёндашув жорий этилади. Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тармоқлардаги технологик йўқотишлар бўйича меъёрлар ҳар бир иссиқлик манбаи ва унга уланган тармоқлар кесимида алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

Низомга кўра, иссиқлик таъминоти корхоналари ҳар йили 1 декабрга қадар иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш ва узатиш учун ёқилғи, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув сарфи меъёрлари ҳамда иссиқлик йўқотишлари бўйича ҳисоб-китобларни “Иссиқликтаъминоти” АЖ ва “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаларига тақдим этади. Келишилган меъёрлар тегишинча маҳаллий кенгашлар томонидан ҳар йили 15 январга қадар тасдиқланади.

Шунингдек, иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар, тармоқ суви ва иссиқлик энергияси сарфи, насос станциялари ва иссиқлик пунктлари электр энергияси истеъмоли бўйича энергетик тавсифлар камида беш йилда бир марта ёки иш шароитлари сезиларли ўзгарганда қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Низом талабларига риоя этмаслик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.