Қарорга кўра, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди. Департамент:
- шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, таълим муассасалари, савдо, хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва қурилиш объектларини замонавий усуллар орқали қўриқлайди;
- қўриқланаётган объектларда ички тартиб ва назорат режимларини таъминлайди;
- қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этади;
- қўриқланадиган объектларга ўрнатилган қўриқлаш техник воситалари ва тизимларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Криминоген вазияти оғир ҳудудлардаги маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари тузилмасига қўриқлаш хизмати инспектори лавозими киритилади. Шунингдек, шундай ҳудудларда, туристик инфратузилма объектларида ва оммавий дам олиш жойларида Қўриқлаш департаментининг қўриқлаш-патрул хизмати нарядлари ташкил этилади.
Қарорда “Хавфсиз таълим” концепцияси жорий этилиши ҳам назарда тутилган бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
- давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, шунингдек хорижий таълим муассасалари филиалларини шартнома асосида жисмоний ва техник қўриқлаш тизимлари орқали ҳимоя қилиш;
- таълим муассасаларида қўриқлаш сигнализациялари, “ташвиш тугмалари”, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш.



