Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси экологик қоидабузарликларга қарши курашишда фуқаролар иштирокини кучайтириш мақсадида янги рағбатлантириш механизмини жорий этди.

Унга кўра, фуқаролар Эконазорат ахборот тизими орқали ёки қўмита расмий бот саҳифаси — @ecogovuzbot орқали экологик ҳуқуқбузарлик ҳолатларини акс эттирувчи фото ва видео материалларни юборишлари мумкин.

Агар юборилган материаллар асосида ҳуқуқбузарлик расман тасдиқланса, жавобгар шахсга жарима қўлланса, жарима пули амалда ундирилса, унда ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи мурожаат қилган фуқарога мукофот пули сифатида берилади.

Ўзбекистон президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Махсус комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов ушбу ташаббус юзасидан шундай деди: «Махсус комиссия ишларни давом эттиради ва аҳолини тезкор хабардор қилади. Энди навбат сизга! Камераларингиз ҳимоямиз қуролига айлансин! Ҳуқуқбузарликни аниқланг ва мукофотингизни олинг. Тоза ҳаво учун курашда биргамиз».

Мазкур тизим атроф-муҳитга зарар етказаётган ҳаракатлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларни фаол фуқаролик позициясига чорлаш ва “тоза ҳаво учун кураш”ни кенг жамоат иштирокида олиб боришга қаратилган.