Мазкур фармонга мувофиқ, архив соҳасини 2030 йилгача рақамлаштириш ва самарали бошқарув тизимини яратишнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб қўйилди. Жумладан:

  • Миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш;
  • архив хизматларини кўрсатишни 100 фоиз электрон шаклга ўтказиш;
  • хизмат кўрсатиш муддатини камида 3 бараварга қисқартириш режалаштирилган.

2026 йил 1 июндан амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали фуқаролар ва ташкилотлар архив маълумотларига масофадан туриб мурожаат қилиш, зарур ҳужжатларни электрон шаклда олиш имкониятига эга бўлади.

Архив ҳужжатларини рақамлаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

  • 1-босқич (2025–2027 йиллар) – алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар, мол-мулк ва ерга оид архив ҳужжатлари;
  • 2-босқич (2028–2029 йиллар) – кино, фото, фоно ва илмий-техник архив ҳужжатлари;
  • 3-босқич (2030 йилдан) – Миллий архив фондининг бошқа архив ҳужжатлари.

Фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар архив ҳужжатларини сақлашнинг ишончлилигини ошириш, улардан фойдаланишни енгиллаштириш, фуқаролар ва бизнес учун архив хизматларини янада тезкор, шаффоф ва қулай қилишга қаратилган.