Қозоғистоннинг SCAT авиакомпанияси Туркистон шаҳрининг Ҳазрат Султон (HSA) халқаро аэропортидан Ўзбекистоннинг учта шаҳрига: Урганч, Бухоро ва Самарқандга бевосита рейсларни йўлга қўймоқда. Парвозлар декабр ойида бошланади ва чипталар аллақачон сотувга чиқарилган.

Туркистон — Урганч — Туркистон йўналиши бўйича рейслар 2025 йил 1 декабрдан бошланиши режалаштирилган. Парвозлар душанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.

Туркистон — Бухоро — Туркистон йўналиши бўйича рейслар шу йилнинг 2 декабридан сешанба, пайшанба ва шанба кунлари бошланиши режалаштирилган.

Туркистон — Самарқанд — Туркистон йўналиши бўйича рейслар шу йилнинг 3 декабридан бошланиши режалаштирилган. Парвозлар чоршанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.

Таъкидланишича, янги йўналишларнинг ишга туширилиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт имкониятларини кенгайтиради ва минтақадаги шаҳарлар ўртасида саёҳатни янада қулайлаштиради.