Ҳозирда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ҳолати 24 соат давомида доимий мониторинг қилиниб борилмоқда. Бу ишлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослашган аналитик назорат маркази» томонидан ташкил этилган мобил экологик лабораториялар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Маълумотга кўра, ушбу лабораториялар пойтахтнинг барча туманларида ҳаво ифлосланиш даражасини ўрганиб, зарарли моддалар ва майда дисперсли заррачалар миқдорини жойларда аниқлаб бормоқда. Шундай лабораториялардан бири ҳозирги кунда Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Туркистон» метро бекати атрофидаги ҳудудда ҳаво ҳолатини кузатмоқда.

Экология қўмитаси томонидан ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида тезкор штаб ташкил этилган. Тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мобил лабораториялар томонидан аниқланаётган ифлосланиш манбалари ҳақидаги маълумотлар тегишли ташкилотларга юборилмоқда ва улар томонидан белгиланган тартибда қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аҳолидан расмий ахборот манбаларини кузатиб боришни, ҳаво ифлосланиши юқори бўлган кунларда эса очиқ ҳаводаги фаолиятни қисқартириш ва соғлиқни асраш бўйича тавсияларга амал қилишни сўрамоқда.



