Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар ҳавосидаги PM10 майда дисперсли заррачалар миқдори 264,1 мкг/м³ ни ташкил этди. Бу кўрсаткич рухсат этилган меъёр – 300 мкг/м³ дан ошмаган.
Шу билан бирга, PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 186,4 мкг/м³ даражасида бўлиб, белгиланган меъёр (60 мкг/м³) дан 3,1 марта юқори экани аниқланди.
Мутахассислар таъкидлашича, кўрсаткичларнинг ошишига ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ҳам сабаб бўлган. Ҳароратнинг ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг пастки қатламларда тўпланиши ва атмосфера ҳавосидаги концентрациясининг ортишига олиб келади.
Республика аҳолиси ҳамда пойтахт меҳмонларига очиқ ҳаводаги фаолиятни қисқартириш, айниқса, болалар, кекса ёшдагилар ва юрак-қон томир ҳамда нафас йўллари хасталиги бор фуқароларга заруратсиз ташқарига чиқмаслик, чиққанда эса ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

