"Дунё" ахборот агентлиги мухбири хабар беришича, маросим пайтида президент Константинос Тасулас янги элчиларни самимий табриклаб, уларнинг фаолиятига омад тилади. У, шунингдек, элчилар икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди.
Қисқа суҳбат давомида Греция етакчиси дунёда геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбариятининг мувозанатли дипломатияси минтақавий барқарорлик ва халқаро ишончни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Константинос Тасулас Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Мамлакатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.

