“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Ҳужжатда ёшларни қўллаб-қувватлашда моддий ёрдам билан бирга, уларнинг таълим олиши, шахсий ривожланиши ва жамиятдаги фаоллигини кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилди.
Фармонга кўра, қуйидагилар асосий мақсадлар этиб белгиланган:
- “Ёшлар дафтари”га киритилган 16 минг нафар ёшнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш;
- “Мутолаа” лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп ва бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшлар улушини 10 фоизга ошириш;
- “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга етказиш.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан белгиланган ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга ижтимоий шартнома орқали қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:
- таълим олишни узлуксиз равишда давом эттириш;
- таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш;
- волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш;
- “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларда қатнашиш.
Мазкур янгиликлар “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдамни шунчаки нафақат моддий қўллаб-қувватлаш, балки ёшларнинг билимли, фаол ва масъулиятли авлод сифатида шаклланишига хизмат қилувчи комплекс тизимга айлантиришни кўзда тутади.
