Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167- ва 184-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилмоқда.

Ушбу жиноят иши доирасида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тафтиш натижасида МЧЖга нисбатан қўшимча 8,7 млрд сўм солиқ ҳисобланган.

Жорий йил 15 сентябр куни суд томонидан мазкур корхонада қайта тафтиш ўтказиш ҳақида ажрим чиқарилганидан сўнг, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси Солиқ аудити бўлими бош инспектори қайта тафтиш давомида ушбу қўшимча солиқни бекор қилиб беришини маълум қилиб, эвазига корхона вакилларидан 5 минг АҚШ доллари олган.

Бироқ у дастлабки тафтишда ҳисобланган 8,7 млрд сўмлик қўшимча солиқни тўлиқ бекор қилишни уддалай олмаган. Шу сабабли муқаддам олган 5 минг долларни МЧЖ вакилларига қайтариб бермоқчи бўлган пайтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.