5 ноябрь куни тунда инсонлар дунё бўйлаб осмонда кўтарилган Суперой ҳодисасини томоша қилиш имконига эга бўлди.
Бу ноябрдаги Суперой – шу йилдаги аввалгиларига қараганда каттароқ ва ёрқинроқ, чунки у Ерга энг яқин тўлин ой ҳисобланади. Бунинг сабаби — Ой Ер атрофида мукаммал доира бўйлаб эмас, балки овал шаклдаги орбитада ҳаракатланади.
Хизмат сафари билан Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб турган Kun.uz фотомухбири Муҳаммаджон Ғаниев ҳам йилнинг энг катта ва энг ёрқин ҳодисасини камерага муҳрлади.
Бу ҳодиса кўпинча «Beaver Moon» – «Қундуз Ой» деб аталади. Бу ном Суперойларга лақаб қўйишнинг қадимий анъанасидан келиб чиққан.
Баъзи манбаларга кўра, бу ном Шимолий Америкадаги туб қабилалар ноябрь ойларида қундузларни тузоққа тушириш мавсумига тайёрланган давр билан боғлиқ.
Йилнинг кейинги ва сўнгги Суперойи 4 декабрь куни кузатилади.
BBC нашри бутун дунё бўйлаб сураткашларнинг бу ноёб манзарани акс эттирган расмларини жамлади.


