“Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–322, 31.10.2025)га мувофиқ, 2026 йил 1 январдан суғориш ишларида насос агрегатларидан фойдаланувчи (балансида ушбу ускуналар мавжуд) озуқабоп ва мойли экинлар етиштирувчи субъектлар электр энергияси харажатларининг ярмини компенсация қиладилар. Компенсация давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари жорий этилган:

  • тижорат банклари томонидан ҳосил қийматининг 50 фоизигача, 12 ой муддатга, йиллик 12 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади;

2025 йил 1 ноябрдан 2030 йил 31 декабрга қадар “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ орқали кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш механизми қўлланади:

  • миллий валютадаги кредитлар бўйича — Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз банддан юқори, бироқ 10 фоиз бандгача бўлган қисми (асосий ставка 2 баробаридан ошмаган ҳолда);
  • хорижий валютадаги кредитлар бўйича — 8 фоиздан юқори, бироқ 4 фоиз бандгача бўлган қисми.

Ушбу чора-тадбирлар фермерлар ва корхоналарнинг суғориш ҳамда етиштириш харажатларини қисқартириш, айни пайтда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.