Учрашувларда хусусий бандлик агентликлари вакиллари иштирок этди. Томонлар ўртасида Туркияда ўзбекистонлик фуқароларнинг қонуний бандлигига оид талаб ва тартиблар, тажриба алмашуви, шунингдек ишга жалб этиш жараёнларини шаффоф ва тизимли йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

Фото: "Дунё" АА

Делегация аъзолари меҳнат миграциясини тартибга солиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат шароитларини яратиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Туркия томони эса бозордаги эҳтиёж ва мавжуд вакансиялар рўйхатини тақдим этди.

Айниқса, Анталия шаҳрида фаолият юритаётган Mos İnsan Kaynakları İşkur Özel İstihdam Bürosu вакиллари ҳудуддаги 10 дан ортиқ меҳмонхоналарга мавсумий ишлар учун 500–1000 нафар ўзбекистонлик фуқарони жалб этиш имконияти мавжудлигини қайд этди. Шу билан бирга қурилиш, ишлаб чиқариш, уй хизматлари ва сервис соҳаларида ҳам талаб ортгани маълум қилинди.

Музокаралар давомида ишга танлаш ва жойлаштириш жараёнида кузатилаётган айрим камчиликлар муҳокама қилинди. Улар бўйича қисқа муддатда бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди ҳамда маълумот алмашувини тезкорлаштириш, ҳужжатлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва фуқаролар учун маслаҳат-ахборот ёрдамини кучайтиришга келишиб олинди.