Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Ўткирович Жўраев лавозимидан озод қилинди. Бу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Муҳиддин Жўраев

Полковник Муҳиддин Жўраев 2014-2016 йилларда Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи, 2016-2018 йилларда Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган.

У 2018 йилнинг декабрь ойи охирида ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Шунингдек, 2019 йил июлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимини эгаллаганди.

Президент қарори билан Ички ишлар вазири ўринбосаридан ташқари, узоқ йиллардан буён ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони сифатида ишлаб келаётган генерал-майор Дмитрий Валерьевич Пан ҳамда яна бир неча мансабдор ишдан олинган.

Дмитрий Пан / Uznews

Шунингдек, 2019 йил январида ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Бахтиёр Пўлотович Пормонов ҳам лавозимидан озод этилгани айтилмоқда.

Ҳозирча бу истеъфоларнинг аниқ сабаби келтирилмаяпти.