Сирский маълум қилишича, россияликлар Покровск–Мирноград ҳудудида фаолликни оширган: пиёда қисмлар жангдан қочиш мақсадида Покровск шаҳридаги турар жой муҳитига жойлашиб, манзилларини тез-тез алмаштирмоқда. Украина бўлинмалари учун биринчи даражали вазифа — дронлар ёрдамида ҳам душманнинг кичик жанговар гуруҳларини аниқлаб, йўқ қилиш.
Бош қўмондон армия корпуслари, қисм ва бўлинмалар қўмондонлари билан учрашганини, улар сон жиҳатидан устун бўлган Россия кучларини тўхтатиб турганини таъкидлади: «Покровск йўналишида мудофаа барқарорлигини кучайтириш устида ишлаяпмиз», — деди у.
Сирский, шунингдек, Доброполск йўналишида операция давом этаётганини қайд этди: Украини ҳужумкор бўлинмалари яна 200–550 метр олға силжиган, умумий ҳисобда эса Россия босқини даврида ишғол этилган 186,8 км² ҳудуд озод этилган.
Бунгача Россия Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Покровск ва Купянск йўналишларида «қамални якунлагани» тўғрисида ахборот берган, гўёки биринчи участкaда 5,5 минг, иккинчисида эса 5 минг украин ҳарбийси қамалда экани айтилган эди.
Шундан сўнг Украина Бош штаби Покровскда 200 нафарча россиялик ҳарбий борлигини тасдиқлади. Қўмондонликка кўра, бу йўналишдаги вазият «ҳануз оғир»: «душман сони бўйича устун ва ҳужум фаоллигини оширмоқда». Маҳаллий нуқтада ёнма-ён позициялар орасидаги ҳудуддан фойдаланиш ҳамда кичик пиёда гуруҳлар йиғилиши кузатилмоқда, аҳоли яшайдиган пунктда отишмалар давом этмоқда, дрон бўлинмалари фаол ишлаяпти.




