Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Нажмиддин Қосимхожиев (-74 кг) Хитойнинг Уси шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. У финал баҳсида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати совриндори, бразилиялик Эдивал Понтесни мағлуб этди.

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатини 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан ниҳоясига етказиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи бўлди. Ўзбекистонликлар сафида Светлана Осипова (+73 кг) кумуш медални, Жаҳонгир Худойбердиев (-54 кг) бронза медални қўлга киритди.

Сўнгги бор ўзбекистонлик спортчилар таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида 2015 йилда зафар қучган эди. Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтказилган мусобақада Дмитрий Шокин (+87 кг) олтин медални қўлга киритди.

Уси-2025 умумжамоа ҳисобида Туркия ғалаба қозонди (3 олтин + 2 кумуш + 1 бронза). Жанубий Корея (2-2-2) иккинчи, Бразилия (2-2-0) учинчи бўлди.