Ҳукумат қарорига мувофиқ, аҳоли уй-жойларида энергия тежамкорликни ошириш мақсадида энергия аудитини ўтказиш харажатлари тўлиқ қопланади ва қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, маиший иситиш қозонлари ҳамда бошқа энергия самарадор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатишга қисман молиявий ёрдам ажратилади.
Низом аҳолининг “яшил” технологиялардан фойдаланишини рағбатлантириш, иссиқликни сақлаш ва электр сарфини қисқартиришга йўналтирилган. Субсидия фақат энергия аудитори хулосаси асосида ўрнатилган ускуналарга берилади.
Субсидия миқдорлари
- энергия аудити: харажатларнинг 100 фоизи;
- қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, иситиш қозонлари ва бошқа ускуналар: харид ва ўрнатишнинг 20 фоизи;
- иссиқлик насослари: харид ва ўрнатишнинг 40%, аммо субсидия суммаси БҲМнинг 50 бараваридан ошмайди.
Талабгор тўловларни субсидия ажратиладиган қисми чегирилган ҳолда амалга оширади. Субсидия қилинадиган улушни Энергия самарадорлиги миллий агентлиги тўғридан-тўғри етказиб берувчига ўтказади. Шу тариқа фуқаро ўз улушига тўғри келадиган қисмнигина тўлайди.
Агар талабгор тижорат банкларидан “яшил” кредит олиш мақсадида уй-жойни энергия аудитидан ўтказиш бўйича сўров юбориб, шартнома расмийлаштирса, шартнома суммаси 100 фоизи олдиндан ўтказилади ва махсус платформада вақтинча банд қилинади.



