Ҳужжат атом соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар учун хавфсизлик маданиятини ривожлантиришда ягона стандартларни жорий этишни кўзда тутади.

Янги талаблар атом электр станцияларида раҳбар ва ходимлар фаолиятида хавфсизликни устувор қадрият сифатида белгилаш, очиқ мулоқот муҳитини яратиш ва шахсий жавобгарликни оширишга йўналтирилган.

Ҳужжатда ташкилотларда хавфсизлик маданиятини шакллантириш уч босқичли модел асосида амалга оширилиши тавсия этилган:

  • кўзга ташланувчи даража — яъни, ходимлар хулқ-атвори ва ташкилот муҳити орқали намоён бўладиган хавфсизлик муносабати;
  • қадриятлар даражаси — ташкилот сиёсати ва ички меъёрлар орқали ифодаланган хавфсизлик қадриятлари;
  • чуқур тушунчалар даражаси — хавфсизлик маданиятини ташкилот фалсафасига сингдириш.

Лойиҳада раҳбарларнинг шахсий намунаси, очиқ мулоқот ва ишонч муҳитини яратиш орқали жамоавий масъулиятни кучайтириш муҳим омил сифатида қайд этилган. Шу билан бирга, ҳар бир ходим ўз фаолиятининг атом станцияси хавфсизлигига таъсирини англаши ва иш жараёнида юзага келган хатоларни яшириш ўрнига улардан сабоқ чиқариши лозимлиги таъкидланган.

Ҳужжатда хавфсизлик маданиятини қўллаб-қувватлаш учун ходимларни танлаш, тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, тренинглар, фавқулодда ҳолатлар бўйича машқлар ўтказиш ҳамда ходимларнинг жамоавий ишлаш ва самарали мулоқот кўникмаларини ривожлантириш каби чоралар белгиланган.

Янги талабларнинг амалиётга жорий этилиши атом энергетикаси объектларида хавфсиз иш муҳитини таъминлаш билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро ядро хавфсизлиги стандартларига мослик даражасини ҳам оширади.