Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига хос бўлган балиқ қарма миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Таом Орол денгизи ва Амударё делтасига яқин ҳудудларда шаклланган қадимий овқатланиш анъаналари, балиқчиликка таянувчи турмуш тарзи, шунингдек ўзига хос тайёрлаш усули билан ажралиб туради. 

Балиқ қарма таркибида пиширилган балиқ, шўрва, 1×1–2×2 см ўлчамдаги қуритилган хамир бўлаклари ҳамда сабзавотлар ишлатилади. Шўрванинг юзасидан олинган ёғ майда тўғралган пиёз устига қуйилиб, таомга хос таъм ва ҳидни беради.

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши “Балиқ қарма” номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилади, сифат стандартларини мустаҳкамлайди ҳамда Қорақалпоғистоннинг ҳудудий гастрономик брендини тарғиб этиш имконини кенгайтиради.