Британиянинг Financial Times (FT) газетаси 2 октябр, пайшанба куни Украина ва Ғарб расмийлари орасидаги манбаларга таяниб ёзишича, Россия ўзининг ракета тизимларини Американинг Patriot ракета тизимлари томонидан ҳимояланган Украина ҳаво мудофаа тизимларига янада самаралироқ кириб бориши учун ўзгартирди. Сўнгги ойларда Россиянинг Украина дронларини ишлаб чиқариш заводларига берган ҳалокатли зарбалари ушбу модернизация натижаларининг ёрқин намунасидир.
Бу ёзда Киев ва унинг атрофидаги камида тўртта дрон ишлаб чиқарувчи завод жиддий зарар кўрди. 28 август куни Туркиянинг Bayraktar учувчисиз учоқларини ишлаб чиқарувчи корхонага зарба берилди. FT билан суҳбатлашган икки амалдорнинг сўзларига кўра, яна иккита ракета дрон компонентларини ишлаб чиқарувчи компания офисларига қаратилган бўлиши мумкин. Улар Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини четлаб ўтиб, бошқа нарсалар қатори Европа Иттифоқи делегацияси ва Британия кенгашининг яқин атрофдаги офисларига зарар етказган.
Нашр манбаларига кўра, Россия 500 кмгача учадиган ракеталарни учирувчи «Искандар-М» мобил ракета тизимини, шунингдек, 480 кмгача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера оладиган «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини модернизация қилган. Энди ракеталар дастлаб оддий траектория бўйлаб ҳаракатланади, сўнгра тўсатдан йўналишни ўзгартиради ва Patriot тизими томонидан ушлаб қолишдан қочиш учун тик шўнғийди ёки манёврни амалга оширади.
FT манбаларидан бири, собиқ украиналик амалдор «Россия фойдасига бурилиш нуқтаси» бўлганини эълон қилиб, Қўшма Штатлар Patriot қурилмаларини етказиб беришидаги кечикишларни ҳам эслади.



