«Ўйлайманки, буни 30 йил ичида амалга ошириш мумкин, агар ҳар икки йилда бир очиладиган Марсга парвозлар билан биз у ерга етказиб беришимиз мумкин бўлган тоннажни экспоненциал равишда оширсак», — деди Маск.
Тоннажни кўпайтириш жуда муҳим, деди миллиардер, чунки Марсдаги аҳоли пункти турли хил нарсаларни талаб қилади — турар жой модулларидан тортиб робот ёрдамчиларгача. Ҳақиқатан ҳам ўзини ўзи таъминлаш учун «цивилизациянинг барча таркибий қисмлари» бўлиши керак, дея қўшимча қилди Маск: озиқ-овқат етиштириш, Марс атмосферасидан ёнилғи олиш, микрочиплар, компютерлар ва ракеталарни ишлаб чиқариш учун материаллар.
Келажакда тўлиқ қайта фойдаланиш мумкин бўлган Starship V3 транспорт тизими ушбу вазифаларни бажариш учун мўлжалланган. У 100 тоннадан ортиқ фойдали юкни орбитага олиб чиқа олади. Бу Falcon Heavy'нинг қайта фойдаланиш мумкин бўлган юк ташиш ҳажмидан тахминан 2,5 баравар кўпдир. Айни пайтда, Falcon Heavy'дан, худди Falcon 9 каби, фақат қисман қайта фойдаланиш мумкин: унинг юқори босқичи бир марталик. Super Heavy ва Ship (Starship'нинг юқори босқичи) қайта фойдаланиш учун мўлжалланган.
Маскнинг сўзларига кўра, Starship V3 тахминан 124,4 метр баландликда бўлади, Starship V2 эса - 121 метр. Ушбу учинчи версия Марсга уча оладиган транспорт тизимининг биринчи модификациясига айланади. SpaceX келгуси йилнинг бошида ундан Қизил сайёрага биринчи учувчисиз миссияларни юбориш учун фойдаланиши кутилмоқда.



