Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида «Янги Ўзбекистон» университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик мактаблари ташкил этилади.
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб:
➖ мазкур мактабларга ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш бошланади ҳамда бир синфда ўқувчилар сони 24 нафар, умумий чекланган сони 240 нафар этиб белгиланади;
➖ биринчи ўқув йилида 7-10-синфларга, иккинчи ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 6-синф битирувчилари орасидан 7-синфга қабул қилинади;
➖ ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади ҳамда дастлабки 3 йилда физика, математика ва хорижий тил фанларидан, кейинги 2 йилда муҳандислик фанлари бўйича бошланғич тайёргарликка эътибор қаратилади;
➖ муҳандислик мактабларининг 11-синф ўқувчилари учун икки ойлик мажбурий ишлаб чиқариш амалиёти (стажировка) жорий этилади;
➖ муҳандислик мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқариш бўйича академик директор лавозими жорий этилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
➖ ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида президент соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади;
➖ танловнинг республика босқичи ғолиблари учун хорижий давлатларга таълим саёҳати ташкил этилади;
➖ танловнинг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган мактабга муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган Инновацион технопарк ташкил этиш учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.


