Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони қарийиб 10 мингга етган паллада давлат шифохоналарида вазият қандай, аҳоли тиббий хизматлардан розими? Kun.uz мухбири шу саволлар билан Тошкент шаҳрида сўровнома ўтказди.

Респондентларнинг аксарияти тиббий хизматлар асосан шаҳарларда яхши кўрсатилишини, туманларда эса қониқарли эмаслигини айтди.

“Унча қониқарлимас, чекка-чекка қишлоқларда шифокорлар кам, касал ётадиган жойлар ўта таъмирталаб. Рентген деган нарса йўқ, кучли травматологлар йўқ. Бўлгани билан ҳам уларнинг жиҳозлари йўқ, шунақа шароитлар бўлмагани учун Тошкентга келдик”, – дейди наманганлик йигит.

Бошқа бир респондентга кўра, давлат шифохоналарда тиббий хизмат тез ва сифатли кўрсатилмайди, навбатлар кўп, ордерсиз хизмат эса қиммат.

“Сал қимматроқ-да, давлат шифохонасига ордер билан борсак – текин. Ордер ҳам бир йилда бир марта зўрға келади, бўлмаса йўқ. Мен қандли диабетим билан ётиб чиқдим. Кунига 200 минг сўмдан тўладим, дори-дармон ўзимдан”,  – дейди онахонлардан бири.

Яна бир респондент ҳамма ҳизматлар қониқтиришини айтган бўлса, бошқаси айрим тиббиёт ходимларида муомала маданияти етишмаслигини билдирди.