Kun.uz кузатувчилари таҳририятга йўллаган видеода Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги бекатлардан бирига ўрнатилган чет тилини ўргатувчи ўқув маркази эълонидаги ёзувга эътибор қаратилган.

Унда “60 ёшда ҳам автобус кутиб ишга боришни истамасангиз,, фарзандингизга тил ўргатинг” деб ёзилган.

“Реклама мазмунига эътибор берсангиз, унда ёши катталарни камситиш, автобус кутишни ёмон ва уят ишдек кўрсатишга уриниш бор. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда бойлар ва мансабдорлар ҳам жамоат транспортидан фойдаланади”, дея эътироз билдирмоқда Kun.uz билан боғланган ватандош.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, рекламада ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқейига қараб камситиш тақиқланган.

Kun.uz юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий ёндашув қандай бўлиши ҳақида реклама соҳасидаги ваколатли орган – Рақобат қўмитасига сўров йўллади. Сўров йўлланганидан сўнг қарийб 2 соат ўтиб, қўмита ушбу ҳолат бартараф этилгани, реклама тезкорлик билан барча бекатлардан олиб ташланганини маълум қилди.

Фото: Рақобат қўмитаси