25 август, душанба куни чоп этилган Нюрнбергдаги Меҳнат бозори ва касблар институти (IAB) тадқиқотига кўра, 2015 йилда миграция инқирози авжида Германияга келган қочқинлар орасида 64 фоизи бугун расман иш билан таъминланган. Тадқиқотчилар Федерал бандлик агентлиги (Bundesagentur für Arbeit) томонидан социологик сўровлар ва бандлик статистикаси маълумотларини ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди.
Тадқиқот муаллифларининг ARD'га айтишича, бу кўрсаткични аниқ деб бўлмайди, чунки 2015 йилда қочқинлар ноқулай шароитга тушиб қолган. Улар немис меҳнат бозорига институционал жиҳатдан ҳам, тилни билиш нуқтайи назаридан ҳам интеграцияга тайёр эмас эди. Уларнинг кўпчилиги урушдан қаттиқ жароҳат олган. Қочқинлар Германиядаги ҳаёт ва ёрдам тармоғи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўзининг касбий малакаси тан олинишига эриша олмади.
Қочқинларнинг бандлик таркиби жинсга қараб жуда катта фарқ қилади. Эркак қочқинлар орасида бандлик даражаси 76 фоизни ташкил этса, аёл қочқинлар орасида атиги 35 фоизни ташкил этади. Таққослаш учун: Германияда ўртача ҳисобда эркакларнинг 72 фоизи ва аёлларнинг 69 фоизи ишлайди.



