Қурилма мотор кортекс, яъни миядаги нутқни бошқарадиган ҳудудга ўрнатилади. Бемор сўзларни фақат ўйлайди, имплант эса нейрон импулслар орқали уларни ёзиб олади. Кейин қурилма ичидаги сунъий интеллект қайдларни таҳлил қилиб, фонемаларга ажратади ва уларни сўзлар, гапларга айлантиради. Шу тариқа беморнинг ички нутқи овозли шаклда намоён бўлади.
Қурилмани клиник синовдан ўтказишда уч нафар латерал амётрофик склероз (LAS) билан касалланган ва бир нафар инсулт ўтказган бемор иштирок этди. Натижаларга кўра, имплант ёрдамида фикрларни овозга айлантириш аниқлиги 74 фоизгача етган. Бу кўрсаткич миянинг табиий нутқни қайд қилиши билан солиштирилганда жуда юқори натижа ҳисобланади.
Янги технологиянинг энг муҳим жиҳати шундаки, у бемор гапира олмаса ҳам ишлайверади. Қурилма фақат тасодифий фикрларни эмас, ички нутқни ҳам қайд этади, масалан, мияда саналаётган рақамлар ёки одамнинг ўзи билан ўзи гаплашишини.
Махфийлик масаласи ўйлаб чиқилган: бемор хоҳласа, мияси орқали парол ўйлаб, уни қурилмага киритади ва шу билан фикрларини очиш ёки беркитишни ўзи бошқаради. Тадқиқотчилар “chitty chitty bang bang” деган паролни синаган ва у 98 фоиз ҳолатда тўғри ишлаган.
Мутахассисларнинг айтишича, бу технологиянинг клиник аҳамияти катта, негаки гапира олмайдиган беморлар учун мулоқот имкониятини қайта тиклаш уларнинг ҳаёт сифатини тубдан яхшилаши мумкин. Бундан ташқари, мазкур имплантларни келажакда сунъий интеллект билан интеграциялашган коммуникация воситаcи сифатида гапларни турли тилларга автоматик таржима қилувчи қурилма қилиб ишлатиш мумкин.
Бироқ ушбу технологиянинг кенг тарқалиши бир қатор этик ва хавфсизлик масалаларини ҳам юзага келтиради. Масалан, одамнинг шахсий фикрлари фақат ўзи хоҳласа очилиши, маълумотлар ишончли сақланиши ва бемор рухсатисиз ҳеч қандай сигнал ёзиб олинмаслиги жуда муҳим. Шу сабаб уларнинг махфийлик қоидаларини аниқ белгилаб қўйиш зарур.

