Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олмаотага амалий ташрифи чоғида шаҳар ҳокими Дархан Сатибалдини қабул қилди, дея хабар берди Akorda.kz.

Давлат раҳбарига шаҳарнинг марказларга юкламани камайтириш, шаҳар инфратузилмасини тенг тақсимлаш ва қулай муҳит яратишни таъминлайдиган кўп марказли ривожланиши ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, туманларнинг ўзаро самарали боғлиқлигини шакллантирадиган ва жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятини оширадиган транспорт тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Тўқаев Олмаота ҳокимига бош режада назарда тутилган ижтимоий инфратузилма объектлари ва туризм кластеридан ташқари, шаҳарнинг юқори (тоғли) қисмида кўп қаватли турар жой мажмуалари қуришга ва муайян қурилишларни амалга оширишга мораторий жорий этиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, Бош режага атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш, шаҳар муҳитини мутаносиб ривожлантириш ва тоғолди ҳудудларни қурилишлардан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар киритиш топширилди.