Исроил яна бир бор хусусий ташкилотларга Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказишга рухсат берди. Бу ҳақда COGAT (Исроил Мудофаа вазирлигининг Фаластин ҳудудларидаги ишлар учун масъул бўлинмаси – ҳудудлардаги ҳукумат фаолияти координатори) хабар берди.

«Хусусий сектор томонидан товарларни босқичма-босқич ва назорат остида олиб киришни қайта тиклаш» учун тартиб тасдиқланди, дея маълум қилди COGAT.

Қарордан мақсад - «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро ташкилотлар ёрдамига қарамликни камайтириш билан бирга, Ғазо секторига келаётган гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш», дейилади хабарда.

Бу чора бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукумати қарори натижасида ва Исроил хавфсизлик идоралари билан келишилган ҳолда қабул қилинди, дея аниқлик киритди AFP агентлиги.