Самарқанд шаҳрининг ёши 3 минг йил деб қайта баҳоланади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида қарор қабул қилинди, деб хабар берди ЎзА.

Қайд қилинишича, Самарқанд шаҳрининг ёшига аниқлик киритишга масъул гуруҳ Афросиёб ва Кўктепа ёдгорликларида, ҳозирги Кўксарой майдони ўрнида бўлган Амир Темур аркида фанлараро тадқиқот усулларини қўллаш орқали комплекс қазув ишларини амалга оширган.

– Самарқанднинг қадимий ўрни ва ёшини ўрганиш 150 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб, шаҳар дастлаб бундан 1500 йил олдин, кейинчалик 2000 минг йил, 1970 йилда 2500 йил олдин шаклланганлиги борасида хулоса қилинган эди – деди сессияда сўзга чиққан Cамарқанд Археология институти директори Мўминхон Саидов. – 2000 йилларда эса Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси янги маълумотларни аниқлади ва Самарқанд ёши 2750 йил деб тасдиқлади. Лекин бу ҳам якуний хулоса эмас ва шунинг учун шаҳарнинг хронологияси бўйича тадқиқотлар кейинги йилларда ҳам давом этиб келмоқда. Хусусан, жорий йилдаги қазишма маълумотлари Самарқанд шаҳридан 25 километр узоқликдаги Кўктепа ёдгорлигида 1993-2006 йилларда олиб борилган қазишма ишларининг таҳлили асосида мутахассислар томонидан янги қарашлар шаклланишига туртки берди.

Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси аъзолари М. Исомиддинов, Клод Рапен ҳамда М. Ҳасанов томонидан шу вақтга қадар Кўктепа ва Афросиёбда топилган материалларни қайта таҳлил қилиш орқали Самарқанд шаҳрининг шаклланиш даври 3 минг йилга тенг экани борасида фикр илгари сурилмоқда. Қайд қилинишича, милоддан аввалги I минг йиллик бошларида, яъни бундан 3 минг йил олдин бу ерда ҳоким қароргоҳи ва ибодатхонани ўз ичига олган йирик шаҳар шаклланган.

Сессияда Ўзбекистон Фанлар академияси, Самарқанд археология институти ва халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари бўйича Самарқанд шаҳрининг илк урбанизацияси милоддан аввалги II мингинчи йиллик охири ва I мингинчи йиллик бошига тааллуқли экани ҳақидаги тақдимот материалларини маълумот учун қабул қилиш, Афросиёб ва Кўктепа ҳудудларида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топилган осори-атиқалар, илмий маълумотлар ва ҳужжатларни тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиш бўйича қарор қабул қилинган.