Мазкур сафар доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Корея Республикаси бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доираларининг вакиллари, шунингдек, вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари вакиллари иштирок этди.
Форумга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Улсан мэри Ким Ду Гём раислик қилди. Улар ўз маърузаларида икки томонлама ҳамкорликнинг барқарор ривожланишини таъкидлаб, иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари, жумладан энергетика, электротехника саноати, туризм ва бошқа соҳалардаги устувор ҳамкорлик йўналишларига бағишлаган тақдимот ўтказилди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Форумнинг муҳим натижаларидан бири "яшил" энергетика соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши бўлди.
Тадбир доирасида шунингдек, В2В ва В2В шаклларида музокаралар ўтказилди. Уларда бизнес ва давлат вакиллари янги лойиҳаларни бошлашнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди.
Улсан шаҳри мэри бошчилигидаги делегация, шунингдек, Фарғона вилоятида бўлди ва вилоят раҳбарияти ва ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда миграция, туризм, таълим, иқтисод, маданият ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Фарғона вилояти ва Улсан шаҳри ҳамкорлигида амалга оширилаётган муҳим лойиҳалардан бири кемасозлик йўналишида ёшларни ўқитиш маркази ҳисобланади. Илк босқичда 104 нафар ёш мутахассис тайёрланган бўлса, 2025 йил охиригача бу кўрсаткични 200 нафарга, 2026 йилда эса йилига 300 нафарга етказиш режалаштирилган.
Улсан шаҳар делегацияси Фарғона туманида жойлашган Шоҳимардон қишлоғида ҳам бўлиб, ҳудуднинг туризм салоҳияти, табиий гўзалликлари ва диққатга сазовор жойлари билан танишди.



