«Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолиятида таълим тизими самарадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларнинг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, университет фаолиятида эришиладиган асосий самарадорлик кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- дуал таълим шаклини тўлиқ жорий қилиш орқали таълим жараёнларининг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш;
- илмий салоҳиятни экспорт қилиш доирасида 2028 йил якунигача университет брендини шакллантириб, хорижий давлатлардан камида 1 000 нафар талабани жалб қилиш.
2025/2026 ўқув йилидан Тошкент архитектура-қурилиш университетида ўқитишнинг дуал таълим шакли жорий этилади.
Дуал таълим дастури кредит-модул тамойили асосида қуйидагиларда ўтказилади:
- 1-курс талабалари учун – таълим дастурларининг 60 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 40 фоизи (амалиёт қисми) қурилиш саноати корхоналарида;
- 2-, 3- ва 4-курс талабалари учун – таълим дастурларининг 40 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 60 фоизи (амалиёт қисми) қурилиш саноати корхоналарида.
Шунингдек, қарорга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан тегишли таълим дастурлари бўйича амалий машғулот ва лаборатория ишларининг камида 25 фоизи хорижий профессор, халқаро сертификатга эга профессионал мутахассислар томонидан ўтказилади.
2025 йил 1 сентябрдан тажриба-синов тариқасида “мактаб – техникум (лицей) – университет” тамойили асосида кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бунда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 250- ва 273-сонли умумтаълим мактаблари университетга бириктирилади ва университет:
- ҳар ойда 1 маротаба 7–9-синф ўқувчиларини уларнинг қизиқишлари доирасида белгиланган соҳаларга оид мавзуларни университет лабораторияларида дарсдан ташқари машғулот сифатида ўқитади;
- ўқувчиларнинг университет лабораторияларига хавфсиз бориб келишларини таъминлайди.



