Ливия президентлик кенгашининг хавфсизлик ва барқарорлик бошқармаси бошлиғи Абдулғани ал-Кикли ўлдирилгани хабар қилинганидан кейин Триполининг маркази ва бошқа ҳудудларида қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Тўқнашувлар ва отишмалар ҳақида 12 май, душанба куни Reuters агентлиги хабар берди.
Қуролли гуруҳ шаҳарнинг аҳоли зич яшайдиган ҳудуди — Абу Салимда жойлашган. Агентлик эслатишича, президент кенгаши 2021 йилда Миллий бирлик ҳукумати билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланган жараён орқали ҳокимият тепасига келган.
Al Wasat Ливия телеканали хабарига кўра, қуролли тўқнашувларда 444-жанговар бригада иштирок этган - ал-Кикли, эҳтимол, унинг штабида ўлдирилган.
Ички ишлар вазирлиги аҳолини «ўз хавфсизлиги учун» уйда қолишга чақирди. Триполи университети раҳбарияти Facebookʼда барча факультет, бўлим ва идораларда ўқиш, имтиҳон ва маъмурий ишларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатиб қўйишини маълум қилди.



