«Яқин келажакда биз «йирик қарз олувчилар» деб аталадиган янги қоидаларни жорий қиламиз. Марказий банк ҳам, ҳукумат ҳам бундай қарз олувчилар учун алоҳида нормалар чиқаради», – деди регулятор раҳбари.

Тимур Ишметовнинг қўшимча қилишича, Марказий банк ўрта муддатли истиқболда тартибга солишни халқаро стандартларга, жумладан, Базел III ва Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқлаштириш бўйича ишларни якунлайди.

«Мақсадимиз молиявий секторни диагностика қилиш орқали заиф томонларимизни аниқлаш ва қаерга боришимиз кераклигини тушуниш эди. Заиф томонларимизни тан олишдан қўрқмаслигимизни бозорга кўрсатиб қўйиш учун натижаларни эълон қилишни режалаштиряпмиз. Муаммолар қаерда эканини тушуниш муҳим. Ҳозир биз ХВФ ва Жаҳон банки тавсияларини амалга ошириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқяпмиз ва уни нашр этамиз», – деди у.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан муддатли тўлов бозорини тартибга солиш бошланиши режалаштирилаётгани хабар қилинганди.