Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 25 апрель куни Олмаота шаҳрида Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди.

«Бугун Олмаотада Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И жаноблари билан самарали учрашув ўтказдик. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш масалалари юзасидан очиқ ва атрофлича фикр алмашдик. Суҳбатимиз савдо, транспорт-логистика алоқалари, минтақавий хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олди», деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

«Ўзбекистон тараққиётини доимий қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, барқарор, фаровон ва ўзаро боғланган минтақани барпо этишга қаратилган умумий интилишларимиз учун Хитой томонига миннатдорлик билдирамиз. Икки томонлама алоқаларимиздаги юқори динамикани давом эттиришга келишиб олдик», деб хулоса қилди Бахтиёр Саидов.