Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Марғилон шаҳридаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида содир бўлган ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 15 апрел куни соат 12:20 да Марғилон шаҳар «Шолдирама» МФЙ, Алишер Навоий кўчасида жойлашган заправкада Matiz автомобилига ўрнатилган пропан газбаллони ичига метан тўлдириш вақтида портлаган.

«Портлаш оқибатида ёнғин юз бермаган. Ҳодиса туфайли жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Сурхондарёда «Жигули»нинг пропан баллонига метан қуймоқчи бўлишганида ҳам портлаш содир бўлганди. Ўшанда ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Жорий йил февралида эса Андижондаги заправкада Labo’нинг газбаллони портлаши оқибатида икки киши жароҳат олганди.