ТИВ маълумотига кўра, кун тартибида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Россияда Ўзбекистон фуқаролари дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида мазкур йўналишларда бўйича қатор келишувларга эришилди. Хусусан, хориж томон Россияда ишлаш ниятида бўлган Ўзбекистон фуқароларини ташкилий ишга қабул қилиш ва касбий тайёргарлик тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади, рухсатномалар олиш тартибини Ўзбекистон ҳудудига ўтказиш масаласини ишлаб чиқишни тезлаштиришга келишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш жараёнига кўмаклашишни давом эттириш, уларнинг Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини ташкил этиш орқали қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр эканлигини маълум қилди. Шу нуқтайи назардан, "Роструд" хорижлик ишчиларни ташкилий ёллаш бўйича "ягона оператор" тизимини яратиш, шунингдек, имтиёзли шарт-шароитларни, жумладан, иш берувчи ҳисобидан патент учун тўловни ишлаб чиқиш масаласи устида ишламоқда.
Бундан ташқари, Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳақидаги ёлғон ва нохолис маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида тарқалишининг олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошириш йўлида амалий ҳаракатлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Мамлакатнинг Москва шаҳридаги элчихонасида Россиянинг бир қатор йирик иш берувчи компаниялари иштирокида форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг 3 мингдан ортиқ фуқаросини ташкилий равишда ишга олиш бўйича тўртта ҳужжат имзоланди.



