Бухоро вилоятида сайёҳларга зарур инфратузилмани яратиш мақсадида меҳмонхоналар сони 607 тага, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туристик корхона сони эса 186 тага етказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, вилоятда туристлар ташриф буюриши мумкин бўлган тарихий аҳамиятга эга иншоотлар сони 300 тадан ошган. Шунингдек, 2024 йил ноябрда «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасида Вобкентда «Ширин» туризм қишлоғи ва Ғиждувонда «Қўрғон» туризм маҳалласи мақомини олган. Таъкидланишича, ҳозирда Бухоро вилоятининг тўққизта туманидаги 11 та ҳудудда «туризм қишлоғи» ташкил этилиши бўйича амалий саъй-ҳаракат олиб борилмоқда.

Матбуот анжумани давомида келтирилган маълумотларга кўра, қурилиш-бунёдкорлик соҳасида 2024 йилда Бухоро вилоятида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 991,3 миллиард сўм маблағ эвазига 137 та объектни янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган.

Шунингдек, ўтган йилда вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 127 та, жами 6010 та хонадонли кўп қаватли уй-жой замонавий андозалар асосида қуриб фойдаланишга топширилган.

Иқтисодиёт соҳасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2024 йил якуни билан 71,6 триллион сўмга етказилиб, бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 106,6 фоизга ошишига эришилган. Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари доирасида 2024 йилда жами 236 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.