2025 йил якуни бўйича ҳисобот давридан бошлаб қуйидагилар назарда тутилади:

  • ходимлар сони йиллик ўртача 5 кишидан кам бўлган ва (ёки) йиллик тушуми БҲМнинг 2 000 баробаригача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун йиллик статистика ҳисоботини топшириш мажбуриятини бекор қилиб, ҳар уч йилда бир маротаба статистик ҳисобот топширилишини белгилаш (бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар, дастурларга киритилган ва акциз солиғи тўловчи субъектлар мустасно);
  • Миллий статистика қўмитаси томонидан мазкур микрофирма ва кичик корхоналар фаолияти бўйича маълумотларни Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан олиб, статистик кўрсаткичларни шакллантириш;
  • етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича статистик кўрсаткичларини шакллантиришда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва маъмурий маълумотларидан фойдаланиш.

2026 йил 1 январдан бошлаб статистика органларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда қуйидаги интерактив хизмат турлари жорий этилиши режалаштирилмоқда:

  • ҳисоботларни топширишда корхона ва ташкилотларга маслаҳат берувчи "Маслаҳатчи" интерактив хизмати;
  • фойдаланувчиларга статистика маълумотларини тез излаб топишга кўмаклашувчи "Таҳлилчи" консультатив хизмати;
  • статистик кузатувларни телефон ёрдамида ўтказиш имконини берувчи "Call-марказ" фаолияти.