«Осиё тараққиёт банки иштирокида «Иқлим технологиялари орқали сув ресурсларини бошқаришни ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Иқлим технологиялари орқали сув ресурсларини бошқаришни ривожлантириш» лойиҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

- йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4,8 мингта ҳисоблагичларни ҳамда 2,8 мингта телеметрия тизимларини ўрнатиш ҳисобига ишлаб чиқарилган ичимлик сувининг аниқ ҳисобини юритиш;

- 12,7 мингта сув иншоотлари ҳамда 80 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқларининг рақамли харитасини (GIS) жорий этиш орқали инфратузилмани янгилаш ишлари самарадорлигини ошириш;

- 5,1 миллион истеъмолчини қамраб олган биллинг тизимини такомиллаштириш, сув таъминоти корхоналари молиявий ҳисоботининг халқаро стандартларига ўтиш ва консолидациялашган ҳисоб-китобини юритиш;

- республика ва 14 та ҳудудий сув таъминоти корхоналарида ягона ситуацион марказ ташкил этиш орқали аварияларни тезкор бартараф қилиш тизимини жорий этиш.