Kun.uz мухбири Қўштепа туманида бўлиб, аҳолига бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.
Қўштепаликлардан туман нега бундай номланишини сўрадик. Аҳоли ўз ҳокимларини танийдими? Уларни қандай муаммолар қийнайди?
Одамларнинг кўпчилиги муаммо сифатида ҳудудда табиий газ йўқлиги ҳақида гапирди. Аксарият аҳоли ўзи яшаб турган тумани маъносини билмасликларини айтган бўлса, яна кўпчилик туман ҳокимини танимасликларини таъкидлади.

Қўштепа тумани қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқлари: пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик. Туманда айниқса узумчилик яхши ривожланган. Фарғона водийсининг марказида, Ёзёвон чўлида жойлашган. Туман ҳудуди орқали Катта Фарғона канали (27 км), Марғилонсой, Жанубий Фарғона канали оқиб ўтади.

Маълумотларга кўра, қадимдан туман ҳудудида табиий тепаликлар Қумтепа, Қамиштепа, Оқтепа, Қоратепа, Лангартепа, Сополтепа, Шаҳартепа тепаликлари бўлган. Улардан айни пайтда қабристон сифатида фойдаланилади. Ана шу тепаликлар жамланиб туманга “Қўштепа” номи берилган.

Kun.uz мамлакатнинг энг чекка ҳудудларигача бўлиб, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишишда давом этади.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Тасвирчи ва монтаж устаси – Сардор Мамиров.



