Сурхондарё вилоятидаги мактаблардан бирида директор ўринбосари ўқувчи қизнинг номусига теккан. Директор ўринбосари ва ўқувчининг исм-шарифи Kun.uz'га маълум.

Таҳририятга келиб тушган маълумотга кўра, директор ўринбосари юқори синф ўқувчисини номусига тегиб келган. 2024 йилнинг сентябр ойида ўқувчининг ота-онаси бу ҳақда хабар топган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилган.

Болалар омбудсмани Сурхондарёда шундай ҳолат бўлганини Kun.uz'га тасдиқлади. Ҳолат бўйича вояга етмаган қизнинг ота-онаси аризаси асосида болалар омбудсмани ва ИИБ ҳамкорлигида тергов ҳаракатлари олиб борилган. Директор ўринбосари эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Вояга етмаганларга қарши жиноятга оид иш юритуви бола манфаатлари ҳимояси нуқтайи назаридан иш тафсилотлари ошкор этилмаган тарзда олиб борилади. Болалар омбудсмани боланинг ҳаёти, соғлиғи ва жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ҳар қандай жиноят бўйича олиб борилаётган тергов давомида ўз ваколатлари доирасида кузатув олиб бормоқда”, – дейилади болалар омбудсмани Kun.uz'га тақдим қилган маълумотда.

Маълум бўлишича, ҳозирда иш судга оширилган. Суд мажлиси яқин кунларда ёпиқ тарзда бўлиб ўтади.

Аввалроқ, Бухоро вилояти Пешку туманида 12 ёшли қиз ҳомиладор бўлиб қолгани айтилганди.